«Информатика ва биофизика» кафедрасида таҳсил олаётган талабалар биофизика, умумий физика, умумий ва тиббий радиобиология каби фанларни ўрганадилар.

Кафедра Ўрта Осиёдада ягона бўлган “New Life Medical” позитрон-эмиссион томография маркази билан шартнома тузиб, талабаларни  бу ердаги қурилмалар  ва  позитрон-эмиссион томографиянинг ўтказилиш жараёни билан таништиришни режа асосида амалга оширишни бошлади.

Куни кеча кафедра катта ўқитувчиси У.М.Абдужабборова бошчилигида Тиббий биология йўналиши 202-гуруҳ талабалари марказда амалга ошириладиган ишлар билан яқиндан танишишди. Ядро тиббиёт марказининг бош шифокори  А.Н.Усмонов уларни чизиқли тезлатгичнинг ишлаши, беморларни муолажага тайёрлаш, радиофармпрепаратларни тайёрлаш жараёнлари билан таништирди.

New Life Medical- Позитрон-эмиссия томография марказининг асосий йўналиши – янги ускуналарда энг замонавий ва инновацион усуллар билан онкологик касалликларга ташхис қўйишдан иборат.

Ядро тиббиёт маркази саратон касаллигининг эрта даврида ташхис қўйиш, касаллик босқичларини аниқлаш, шунингдек ўтказилаётган даволаш самарадорлигини кузатиб боришга қодир бўлган GE 128 Discovery MI DR ПЭТ/КТ ускунасига эга.

Беморларни текширувдан ўтказиш бевосита махсус радиоизотоп фармакологик препарат  ёрдамида амалга оширилади.  Ўз тузилишига кўра стандарт глюкозага яқин бўлган ушбу универсал препарат барча  ўсма ҳужайраларида фаол тўпланиш хусусиятига эга бўлиб, унинг ярим парчаланиш даври 108 дақиқани ташкил қилади. Дунёда ҳар куни минглаб беморлар ПЭТ/КТда текширувлардан ўтишади. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда онкологик касалликка дучор бўлган 120 мингдан зиёд беморлар рўйхатга олинган. Уларнинг учдан бир қисми ҳар йили ПЭТ/КТ ускунасида текширувдан ўтиш учун хорижий давлатларга боришади. Мазкур текширувни New Life Medical клиникасида амалга ошириш сезиларли равишда,  яъни 3-4 баробар арзонга тушади.

ПЭТ/КТ GE 128 Discovery MI DR– бу 128 та кесмали мультиспирал компьютер томографияси ва позитрон-эмиссия томографиясидан иборат гибрид сканер туркумига киради. Бу 2018 йилда ишлаб чиқарилган молекуляр тасвирларни кўриш учун мўлжалланган мутлақо 100% рақамли тизимга эга энг сифатли тасвир берувчи гибрид томографдир. Ушбу аппарат русуми GE Healthcare (АҚШ) компанияси ишлаб чиқариш линиясининг энг юқори чўққисида бўлиб, ҳозирда дунёнинг фақат учта давлатидаги клиникаларга ўрнатилган, жумладан АҚШ, Италия ва энди Ўзбекистонда ҳам. Бундан ташқари, ушбу ускуна модели  МДҲ мамлакатларида ҳали ўрнатилган эмас. Юқори сифатли, сезгир, замонавий, рақамли детекторларнинг мавжудлиги, диаметри 2-3 мм бўлган ўсмаларни аниқлаш имконини беради. Унинг юқори аниқлик кучи туфайли ускуна касалликнинг дастлабки босқичларида жуда ҳам кичик ўлчамдаги патологик ҳосилаларни аниқлашга қодир.

New Life Medical ядро тиббиёт маркази беморларга ПЭТ тасвирларини рангли термографик плёнкада тақдим этувчи дунёдаги биринчи клиника ҳисобланади.

Талабалар позитрон-эмиссион томография марказининг ишлашига катта қизиқиш билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларни бош шифокор А.Н.Усмоновга бердилар ва қониқарли жавобларни олдилар.

Ф о т о г а л е р е я

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.