Ушбу йиғилиш ТТА «Информатика ва биофизика» кафедра мудири М.И.Базарбаев ва кафедранинг барча педагог-ходимлари томонидан бўлиб ўтди. 

Сўзга кафедра мудири М.И.Базарбаев чиқди: “Мамлакатимиз Президентининг бу йилги мурожаатномаси республикамизнинг барча фуқароларида қизиқиш уйғотди. Унда қуйидаги мавзуларга урғу берилди: Иқтисодиётда позитив ўзгариш кузатилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 млрд долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсдиИнвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 37%га етди. Иқтисодий ўсиш 5,6%ни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6%га, экспорт 28%га кўпайди, олтин-валюта заҳираларимиз 2,2 млрд долларга ортиб, 28,6 млрд долларга етди.

Солиқ ислоҳотида ижобий натижаларга эришилмоқда. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди, натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди. ҚҚС ставкаси 20%дан 15%га туширилди, бунинг ҳисобидан солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 трлн сўм қолди, истиқболда эса бу рақам 11 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Ислоҳотларимиз натижасида 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди”.

Сўзга кафедра маънавият-маърифат ишларига масъул У.М.Абдужабборова чиқди:”2020 йилги устувор йўналишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Улар учта – илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 60%га етказиш режалаштирилмоқда. Янги мактаблар, шу жумладан хусусий мактабларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш давом эттирилади. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласи ҳал этилади. Янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилади. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25%га ва келгусида 50-60%га етказиш лозим. Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади, Қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Олий таълимда ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтказилади, олий ўқув юртларини ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтказилади, камида 5 та олий таълим муассасаси трансформация қилинади.

Илм-фанда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади. «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар ва ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади. Келгусида грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтирилади ва тадқиқот йўналишлари кўлами кенгайтирилади”.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиниши мўлжалланган. Қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим. «Электрон ҳукумат» тизими танқидий қайта кўриб чиқилади. Пойтахт мисолидаги «IT-парк»лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Яқин кунларда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини ишлаб чиқиш ишлари якунланади. Ушбу йўналишда ҳукумат ва парламент назорати кучайтирилади.

Иқтисодиёт тўғрисида. Асосий вазифалар – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, тармоқларни монополиядан чиқариш, давлат томонидан нархлар белгиланишини тартибга солишни бекор қилиш ва «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш. Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назорат янада кучайтирилади. Чет элдан олинган қарзларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади. Бунинг учун «Давлат молиявий назорати тўғрисида» ва «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунлар ишлаб чиқилади.

Банк соҳасидаги ислоҳотлар. Барча банклар бўйича капитал, ресурс базаси ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда трансформация дастури амалга оширилади. Банк секторидаги давлат активлари стратегик инвесторларга реализация қилинади. Маҳаллий банклар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши ва ташқи бозорларда фаол бўлиши лозим. Замонавий банк амалиёти, менежменти ва янги хизматларни жорий этиш учун раҳбарлик лавозимларига малакали мутахассисларни тайинлаш муҳим ҳисобланади. Бунда дастурий таъминотни тубдан янгилаш, янги ахборот тизимини («кредит тарихи») тўлиқ ишга тушириш зарур. Банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.