Тошкент тиббиёт академияси “Информатика ва биофизика” кафедрасида буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг таваллуд айёмига бағишлаб 2019 йил 9 апрелда кафедра маърузалар залида «Амир Темур – буюк сиймо» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Тадбирни кафедра маънавият ишларига маъсул У.М.Абдужабборова очиб берди: Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Амир Темур Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, ерли халқнинг бу соҳадаги орзу-умидларини рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган саркардадир; Амир Темур кўп йиллар давомида мустамлака бўлиб, чет эллик ҳукмдорларга бўйсуниб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўз юрти, халқининг куч-қудратига таянган мустақил ва ягона давлат барпо эта олди; Амир Темур ҳам ўз даврига хос бўлган турли сабабларга биноан бошқа мамлакатларга юришлар қилди ва Оврўпо мамлакатларининг ривожланишини тезлашишига ўз ҳиссасини қўшди. Росcияни Олтин Ўрда зулмидан, Оврўпони Туркия тажаввузидан сақлаб қолди; Амир Темур ўз сиёсатида маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танидди. Ўз сиёсати билан маданий юксалишга ва  туркий тилнинг ривожига кенг йўл очиб, нафақат Марказий Осиёнинг маданий-маънавий оламида, балки бутун мусулмон олами тарихида ўчмас из қолдирди ва сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди; Амир Темур қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Оврўпо мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берди.Собиқ советлар мафкураси, пролетар дунёқараши ҳукмронлик қилган шароитда Темур фаолиятига нисбатан салбий муносабатда бўлинди, ўша давр адабиётларида ҳар доим қораланиб келинди. Лекин мафкуравий тўсиқ, тақиқлашларга қарамай айрим илмий асарларда Темур ҳақида баъзи тўғри фикрлар ҳам билдирилди. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви, эски мафкура сиқувидан қутулиш, тарихимизга тўғри муносабатда бўлиш имконини яратди. Президентининг фармони билан 1996 йил — Амир Темур йили деб эълон этилиши ва бу сана жаҳон миқёсида нишонланиши Амир Темур номи оқланиб, ўзбек халқига бутунлай қайтганига ёрқин далилдир.

Қўшимча қилиб А.З.Собиржонов ва Ф.Ш.Давлатова Амир Темур меросини  ўрганиш юзасидан Мустақил диёримизда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб бердилар.

Тадбирда талабалар Амир Темур ҳақидаги ўз фикрларини билдирдилар. Саволлар бериб, уларга тўлақонли жавоб олдилар.

Тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.