Тошкент тиббиёт академияси “Информатика ва биофизика” кафедрасида 19.11.2019 да “Байроқ – халқни бирлаштирувчи куч” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Даволаш факультети 103-,105-гуруҳ талабалари ва кафедра педагог-ходимлари иштирок этдилар.

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.

Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. Мана, йигирма етти йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи амалга оширилди. 1990 йил 30 мартда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги, 1991 йил 15 февралда «Ўзбекистон давлат байроғи ва давлат герби эмблемаларини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги парламент қарорлари эълон қилинди. Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилиш юзасидан конституциявий комиссия тузилиб, комиссия эксперт гуруҳининг таркиби таниқли олимлар: Ўзбекистон Фанлар академияси президенти М.С.Салоҳиддинов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси П.Қ.Қодиров, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги А.А.Асқаров, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Б.А.Ахмедовлардан иборат эди.

Давлат байроғи ва герби эмблемалари чизмаларига оид таклифларни тайёрлаш учун рассомлар, санъатшунослар Б.Жалолов, Р.Ахмедов, Ж.Умарбеков, Н.Ахмедова, шунингдек, республика конституциявий комиссияси аъзолари, маданият ва санъат арбоблари, сиёсатшунос ва ҳуқуқшунос мутахассислардан иборат Олий Кенгашнинг махсус комиссияси тузилди.

Ўзбекистон Республикаси парламенти еттинчи сессиясида Ўзбекистон давлат рамзларининг вариантлари қандай тайёрланаётганлиги тўғрисида конституциявий комиссия эксперт гуруҳининг раҳбари М.С.Салоҳиддинов ахборот берди.

Шундай кейин танловда ғолиб деб топилган давлат байроғи лойиҳасининг уч варианти парламент муҳокамасига қўйилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг уларнинг иккинчиси кўпчилик овоз билан асос сифатида қабул қилинди ва рўзномаларда эълон қилинди. Янги лойиҳада уч рангдан иборат байроқнинг юқоридаги мовий рангли йўлида ярим ой ва ўн икки юлдузнинг тасвири киритилди.

Фотолавхалар:

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.